Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 30 март куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди.
Жиззах вилояти қадимдан шарқ ва ғарбни боғловчи Буюк ипак йўлининг муҳим қўналғаларидан бири бўлиб келган. Мустақиллик йилларида ҳудуднинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти янада ортди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли ҳудуднинг жуғрофий, транспорт коммуникация имкониятларидан, ер ости ва ер усти бойликлари, улкан иқтисодий салоҳиятидан янада самарали фойдаланилмоқда.
Президентимиз ўтган йилнинг 28 апрель куни вилоятга ташриф буюриб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни билан танишган эди. Ўтган вақт давомида вилоятда улкан ишлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари тамал тошини қўйиб берган Зафаробод туманидаги нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақасида катта воқеа бўлди. Айни пайтда лойиҳа қиймати 2,2 миллиард АҚШ доллари бўлган корхонани бунёд этиш ишлари юқори суръатларда давом этмоқда. "Жиззах" эркин иқтисодий зонасида хорижий инвестициялар иштирокида бунёд этилаёган “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” заводи, яқинда ишга туширилган шиша маҳсулоти ишлаб чиқарадиган “Ming Yuan Sily industry” масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхона, Жиззах шаҳрида бунёд этилаётган “SILK EXPERT prcessing” хом ипак етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли бундай йирик лойиҳалар олис туманларда ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, Фориш туманининг Эгизбулоқ қишлоғида Буюк Британиянинг “Leigh Barrier LLP” компанияси билан ҳамкорликда “Mega invest industrial” масъулияти чекланган жамият шаклидаги композит арматураларни ишлаб чиқариш заводи, Ғаллаорол туманидаги “Marjon global” доривор гиёҳларни қайта ишлаш, Зомин туманида “Зомин-Фарм” махсус иқтисодий зонаси таркибидаги корхоналар вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
Вилоятда енгил саноатнинг изчил ривожланётгани натижасида ҳудудда етиштирилган пахтанинг 40 фоизи маҳаллий саноат корхоналарида қайта ишланмоқда.
Президентимиз жойларда ўтказаётган учрашувларда кўп ва қайта-қайта таъкидлаб келаётган одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш масаласи ҳам вилоятда амалга оширлаётган бунёдкорликларнинг марказида турибди. Шу мақсадда “Обод қишлоқ” дастури асосида Дўстлик туманидаги Манас қишлоғи намунали қишлоққа айлантирилиб, одамларга муносиб турмуш шароити яратилди.
Президентимизнинг навбатдаги ташрифи давомида ҳам вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларнининг амалга оширилиши, аввалги ташрифда берган топшириқларнинг ижроси, аҳолининг талаб-эҳтиёжлари билан бевосита танишиш кўзда тутилган.
ЎзА